ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. 14 март куни Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Wargaming (Беларусь) компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Wargaming компанияси вакиллари компьютер ўйинларини ишлаб чиқариш ва жаҳонда оммалаштириш бўйича ўз тажрибалари хусусида сўзлаб бердилар. Томонлар ёшларда ватанпарварлик ғояларини сингдиришга хизмат қиладиган компьютер ўйинларини ишлаб чиқариш бўйича икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Wargaming вакиллари шунингдек, Тошкентдаги Инха университетида ҳам бўлишди. Улар бу ерда университет билан ўзаро ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар.
Wargaming — компьютер ўйинларини яратиш бўйича жаҳондаги етакчи компаниялардан бири. Компания 18 йиллик фаолияти давомида World of Tanks, World of Warplanes, World of Warships каби 15дан зиёд турли компьютер ўйинларини тақдим этган.