ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Токиога расмий ташриф билан борди. Бу саудияликлар қиролининг 46 йил ичида илк марта Японияга келиши ҳисобланади. Қиролга 1500 киши ҳамроҳлик қилмоқда, жумладан 25 нафар шаҳзода, вазирлар ва бизнесменлар, деб ёзади kun.uz нашри.
Кўп сонли делегацияни Японияга олиб бориш учун 10та самолёт керак бўлган. Самолётларга ортилган юкларнинг умумий ҳажми 459 тонна. Токиода улар учун 500дан ортиқ лимузин хизмат қилган, Япония пойтахтидаги энг яхши меҳмонхоналарда 1000дан ортиқ номер олдиндан банд қилинган.
Ханеда аэропортида 81 ёшли монархни Япония тахти вориси шаҳзода Нарухито кутиб олган. Саудияликлар қироли Япония бош вазири Синдзо Абэ ҳамда мамлакат қироли Акихито билан ҳам учрашишни режалаштирган.
Япония бош вазири билан музокараларда ўзаро ҳамкорликда иқтисодий зона тузилиши ҳақида эълон қилиниши, шунингдек, "Япония ва Саудия Арабистони. 2030 йилгача истиқбол" иқтисодий дастури тақдимоти ўтказилиши кутилмоқда. Режага кўра, Токио Ар-Риёдга иқтисоднинг нефтга боғлиқлигидан қутулишга ёрдам кўрсатади.
Саудия Арабистонидаги энг йирик нефть компанияси бўлмиш Saudi Aramco қисман хусусийлаштирилиши назарда тутилган. Бу компания нефть захиралари ҳамда хомашё қазиб олиш кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Унинг қиймати 781 миллиард долларга баҳоланган.
Маълумки, Саудия Арабистони ўз иқтисодини фақат нефт сотиш асосида фаолият юритаётганидан жиддий хавотирда. Охирги 2 йилда жаҳон бозорида нефтнинг нархи бир неча бор тушиб кетди. Ундан ташқари, бир кун келиб нефт ҳам тугаши мумкин. Ушбу омилларни назарда тутган ҳолда Саудия Арабистони бир неча ўн йил давомида мамлакатда иқтисоднинг энг илғор, энг замонавий ва юқори технологияли соҳаларини ривожлантиришга ҳаракат қилиб келмоқда.
Япония юқори технологиялар борасида дунёда етакчи мамлакатлиги ҳам сир эмас. Устига устак, Япония Саудия Арабистонининг энг йирик нефт сотиб олаётган мижозидир. Ушбуларни назарда тутган ҳолда Япония мамлакат иқтисодининг юқори технологияли соҳаларига инвестиция киритиш эвазига, Saudi Aramco акцияларининг бир қисмини Японияга таклиф қилгани ажаб эмас.
Бундай кўп сонли делегация билан ташриф буюришдан мақсад эса эса, Япония билан имкон қадар кўпроқ бизнес алоқалар ўрнатишдир.