ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Туркиянинг DAL Teknik Makina компанияси Ўзбекистонда саноат аҳамиятига эга металл конструкциялар заводини қуришни режалаштирмоқда, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"Ангрен" эркин иқтисодий зонасида жойлашадиган мазкур саноат объектини ташкил қилиш бўйича меморандум Ўзбекистон делегациясининг Истанбулга ташрифи давомида имзоланди.
"Лойиҳанинг бошланғич қиймати 10 миллион доллар атрофида бўлади. Туркиялик инвесторлар зона ҳудудини кўриб чиқишди ва Оҳангарон саноат блокидаги умумий майдони 6 гектарни ташкил этувчи жойни танлашди. Ҳозирда маъмурий кенгаш кўриб чиқиши учун зарур ҳужжатлар тайёрланмоқда", — деди "Ангрен" ЭИЗ вакили.
Томонлар лойиҳани шу йилнинг ўзида якунига етказишни режалаштирган. Экспертларнинг баҳолашларича, янги заводнинг қурилиши Ўзбекистонга саноат аҳамиятига эга тайёр металл конструкцияларни импорт қилишни сезиларли даражада камайтиради ва 100га яқин янги иш ўрни яратилади.
Ўтган йили "Ангрен" ЭИЗда 56,7 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилди, бу 2015 йилга қараганда 6,1 фоизга кўпдир. Ушбу давр мобайнида 7 янги завод қурилди, 929 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди.