ТОШКЕНТ, 8 мар — Sputnik. Ўзбекистон ва Туркия қиймати 1 миллиард долларликдан ортиқ шартномалар имзолади ҳамда транспорт коммуникацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга эришди, деб хабар беради "Жаҳон" АА.
Агентликнинг хабарига кўра, ҳужжатлар Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги делегациянинг 26 февраль-2 март кунлари Туркияга уюштирган сафари давомида имзоланди.
"Ташриф давомида ўзаро тадбирлар, жумладан, ўзбек-турк бизнес форуми, "давра столлари", ҳар икки томон тегишли соҳа ва компания вакилларининг Истанбул ва Анқарадаги ишчи учрашувлари ташкил этилиши натижасида умумий қиймати 1 миллиард долларликдан ортиқ ҳужжатлар имзоланди", — дейилади хабарда.
Туркия раҳбарлари Ўзбекистон билан муносабатларни ва мамлакатнинг ўсиб бораётган савдо-иқтисодий салоҳиятини юксак баҳоладилар, деб ёзади "Жаҳон".
Ташриф давомида савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликка, хусусан, икки мамлакатни тўғридан-тўғри боғловчи транспорт йўлаги бўлмиш Боку-Ахалкалаки-Карс темир йўл линиясини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
2016 йил ноябрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Эрдўғон Самарқандда музокаралар ўтказишган ҳамда икки мамлакат ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" яратиш масаласини муҳокама қилишганди.