ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Тулада ўз ватандошларидан товламачилик йўли билан пул ундириб келган ўзбек диаспораси раҳбари қўлга олинди, деб хабар бермоқда Подробно.уз. Маълумотларга қараганда, 70га яқин ўзбек мигрантлари "Ҳамдўстлик" ҳамжамияти раҳбари Толиб Исажонов устидан полицияга мурожаат қилишган.
Туладаги "Ҳамдўстлик" жамоат ташкилоти раҳбари Толиб Исажонов қурилиш объектларидан бирида ўз ватандошларидан навбатдаги ойлик "йиғимлар"ни ундираётганида куч тизими ходимлари томонидан қўлга олинган.
Маълум бўлишича, ўзбекистонлик юзлаб мигрантлар унга ҳар ойда 2 минг рублдан "бож" тўлаб келишган. Россиянинг НТВ телеканали Толиб Исажоновнинг мигрантлардан ундирилган пуллар ҳисобига Тулада қурдирган муҳташам уйини кўрсатган.
Тулалик терговчиларнинг маълумот беришича, Туладаги бир нечта қурилиш объектлари ва бир кафе Исажоновга тегишли бўлган.
Унинг уйида ўтказилган тинтув вақтида оператив ходимлар кўплаб молиявий ҳужжатлар, тўппонча ўқлари ва Ўзбекистон фуқаролари рўйхати топишган.
Тула шаҳри суди "Ҳамдўстлик" жамоат ташкилоти раҳбари Толиб Исажоновни икки ойга ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарди. Тез орада унга нисбатан товламачилик ва Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари бўйича айблов қўйилади.