ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. "Тошкент трамвайи" унитар корхонасининг бино ва иншоотлари аукцион савдосига қўйилди, деб хабар қилинди "Тошшаҳартрансхизмат" расмий сайтида.
Очиқ аукцион савдосига Тошкент шаҳри, Лутфий кўчаси, 57-уйда жойлашган бино ва иншоотлар (бошланғич баҳоси 25 596 052 427 сўм) ва Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Янги Қўйлиқ кўчаси, 40-уйда жойлашган бино ва иншоотлар (бошланғич баҳоси 9 025 062 970 сўм) қўйилган.
Аукцион савдоси 2017—йил 4 апрель куни соат 12:00 да бўлиб ўтади.
Аукционда қатнашиш шартлари билан компания расмий сайтида танишишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 2 май куни Тошкентда ҳаракатланаётган сўнгги 17-йўналиши ёпилган ва шу тариқа Тошкент трамвайининг 105 йиллик тарихига нуқта қўйилган эди.