ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Туркия ва Нидерландия ўртасидаги дипломатик можаро тобора ўткир тус олмоқда.
Ҳаммаси қандай бошланган эди?
Ҳаммаси Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлют Чавушоглунинг пўписасидан бошланди. Чавушоглу агар унга Роттердамга киришни ман этишса, Анқара Голландияга қарши иқтисодий ва сиёсий санкциялар киритишини айтди.
Кейинчалик Роттердам мэри Аҳмад Абутолиб митинг бўлмаслигини, акция ўтказилиши лозим бўлган жой эгаси ўз рухсатномасини чақириб олганини маълум қилди.
Туркия ТИВ раҳбари CNN Turk телеканалига берган интервьюсида Нидерланд ҳукумати таъқиқига қарамасдан, Роттердамга боражагини маълум қилади.
"Агар Голландия менинг бугунги парвозимга рухсатни бекор қилса, биз улкан санкцияларни киритамиз", — деб иқтибос келтирган вазир гапларидан Hurriyet нашри.
Нидерландия Туркия ТИВ раҳбари самолётини мамлакатга киритишдан бош тортди
Голландия ҳукумати Мавлют Чавушоглу самолёти қўниши учун берган рухсатномасини бекор қилди. Ҳукумат баёнотида бундай қарор "жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид" туфайли қабул қилингани айтилган.
Ҳужжатда қайд қилинишича, Голландия ҳукумати Туркия билан биргаликда бу масалага "манзур келадиган ечим" топишга ҳаракат қилишган, аммо "музокаралар охирига етмай туриб турк ҳукумати санкциялар билан пӯписа қилган ва яна бу ҳақда оламга жар солган". Шу туфайли бу масалага ҳақли ечим топишнинг имкони йўқ, дейилган ҳужжатда.
"Нидерландия ҳукумати — бу фашистлар", — деди Эрдўғон
Нидерландия ҳукумати Мавлют Чавушоглунинг самолётини мамлакатга киритишдан бош тортгач, Туркия президенти бу борада ўз фикрларини аниқ баён этди.
Ана шундан сўнг Туркия президенти Тойиб Эрдўғон Нидерландларга қарама-қарши чоралар билан пўписа қилган.
"Бизнинг Ташқи ишлар маҳкамамиздаги вазирларимизга исталганча учишни ман этишингиз мумкин, аммо келинг энди сизларнинг рейсларингиз қандай қилиб Туркияга қўнишини томоша қиламиз", — деб айтган Эрдўғон. Турк етакчисининг сўзларидан Франс Пресс агентлиги иқтибос келтирган.
Нидерландия ҳам жавобни узоқ чўзмади
Нидерландия Бош вазири Марк Рютте Туркия президенти Тойиб Эрдўғоннинг сўзларидан қаттиқ ларзага тушганини яширмади.
"Улар жаҳл отига минишганини тушунаман, аммо "фашистлар" дейиш энди бу ҳаддан зиёд", — деб таъкидлаган Рютте, Эрдўғоннинг сўзларига "аҳмоқона гап" дея изоҳ берган ҳолда.
Элчининг қайтишига ҳожат йўқ
Туркия ТИВ раҳбарига Нидерландияга киришга рухсат берилмагач, Туркия томон таътилда бўлган Голландия элчисининг ҳам мамлакатга қайтишига ҳожат йўқлигини эълон қилди.
"Туркиядаги Голландиянинг муваққат ишлар вакили бизнинг Ташқи ишлар вазирлигимизга чақиртирилди ва унга Нидерландия ҳукумати қарорига норозилигимиз билдирилди. Унга шунингдек, Туркия чегараси ташқарисида таътилда бўлган Элчининг ўз ваколатини бажариши учун юртимизга келишига ҳожат қолмагани эълон қилинди", — дейилган Туркия ТИВ баёнотида.
"Тухумбўрон"
11 март куни Голландия ҳукумати қарорига қарши Анқарадаги Голландия элчихонаси олдида юзга яқин одамлар норозилик намойиши уюштиришди. Акциянинг баъзи иштирокчилари дипломатик ваколатхона биносини "тухумбӯрон" қилдилар.