ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Тошкент шаҳрида Сергели туман ички ишлар бошқармаси ходими, йўл патруль хизмати ходими ҳамда нафақадаги Ички ишлар органлари ходими марихуана гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиб ўтирган вақтида қўлга тушди. Бу ҳақда Қалампир нашри Тошкент шаҳар ИИББга асосланиб хабар қилади.
Хабарда айтилишича, яхна ичимликларнинг елим идиши орқали гиёҳванд модда истеъмол қилаётган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси махсус инспекцияси томонидан ҳибсга олиниб, тиббий экспертизадан ўтказилди. Тиббий экспертиза натижалари улар ҳақиқатан ҳам гиёҳванд модда истеъмол қилганини тасдиқлади.
Ушбу шахслар Ички ишлар идораларида эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, ҳозирда уларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилди.