ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси мамлакат табиий сув ҳавзаларида балиқ ресурсларидан рационал фойдаланиш мақсадида республика ҳудудида 10 мартдан балиқ овлашга тақиқ қўйилиши ҳақида маълум қилди.
Хусусан, 10 мартдан 31 майга қадар Амударё ва Сирдарё дарёларида, 25 апрелдан 10 июнга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти сув ҳавзалари ва 16 апрелдан 31 майга қадар мамлакатнинг бошқа сув ҳавзаларида балиқ овлаш тақиқланади.
Тақиқ даврида барча балиқ овлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар ва балиқ ресурсларини овлаш билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлар сув ҳавзаларидан ов анжомларини олишлари, омборхонага топширишлари ва ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси ҳимояси бўйича инспекторлар гувоҳлигида муҳрлашлари керак.
Балиқларнинг увулдириқ сочиши тақиқ даврида табиий сув ҳавзаларида моторли қайиқларда ҳаракатланишга фақатгина ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини ҳимоя қилиш бўйича давлат инспекцияси ходимлари, ов хўжаликларининг егерлик хизматларига эса — табиатни муҳофаза қилиш идоралари томонидан рухсат берилади.
Бу даврда спорт-ҳаваскорлик мақсадида балиқ овлаш моторли қайиқлардан фойдаланмай туриб ва 5 донадан ортиқ бўлмаган қармоқ миқдорида рухсат берилади.
Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий қўмиталари Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси инспекторлари билан ҳамкорликда балиқ овлашга қўйилган тақиқ даврида ўғринча овлаш, балиқ ва балиқ маҳсулотларини ноқонуний равишда ўтказиш билан курашиш мақсадида назорат рейдлари ўтказади.