ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига сафари давомида Хива туманидаги "Болтабой оқсоқол" фермер хўжалигида ташкил этиладиган балиқчилик комплекси лойиҳаси билан танишди, деб хабар қилган Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Ҳозир мазкур хўжаликда 232 гектар ҳавзада балиқ етиштирилмоқда. Ўтган йили 490 тонна балиқ етказиб берилган.
Вьетнам технологияси увилдириқларни интенсив усулда етиштириш ва ҳавзаларга юқори тиғизликда ўтказишга ихтисослашган. Бундай усул балиқларнинг омухта ем сарфига нисбатан ривожланиш суръати юқорилиги, салбий гидрокимёвий ҳолатлар ва касалликларга чидамлилиги билан ажралиб туради.
Одатда бир гектарлик ҳавзадан ўртача 15-20 центнер балиқ олинади. Вьетнам технологияси самарасида бу кўрсаткич 400 центнергача етади.
Хабарга кўра, ушбу истиқболли лойиҳага "Ипотека-банк" кредит ажратган. Корхонада йилига 300 тоннадан ортиқ маҳсулот тайёрлаш, 20 иш ўрни яратиш мўлжалланган.