ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. 2017 йил 1 октябрдан бериладиган янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини бир соат ичида олиш мумкин. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБ подполковниги Зариф Юсуфжонов маълум қилди.
Унинг айтишича, Гувоҳномани олиш учун тўлов энг кам иш ҳақининг 55%и, 83 минг сўм атрофида бўлади.
"Ҳайдовчи ушбу суммани фақатгина гувоҳнома учун тўлайди, агарда имтиҳон топширадиган бўлса, у ҳолда имтиҳон учун алоҳида пул тўланади. Стажи муддати 12 ойдан кам бўлмаган ҳайдовчилар гувоҳномани имтиҳонларсиз оладилар. Стаж муддати шахсий автомобилни рўйхатга олиниш санаси, транспорт воситасини бошқариш учун ишончнома вақти ёки иш жойидан маълумотнома орқали белгиланади", — деди у.
Суҳбатдош ушбу ҳайдовчилик гувоҳномасини халқаро дейиш нотўғри эканлигини, гувоҳномалар миллий, лекин барча халқаро талабларга жавоб беришини, ўзбекистонликлар мазкур ҳайдовчилик гувоҳномаларидан дунёнинг исталган мамлакатида фойдаланишлари мумкинлигини билдирди.
Яна бир нарса — жарима талони тарихда қолади. Унинг ўрнига ҳайдовчиларнинг қоида бузишлари қайд этиб бориладиган электрон маълумотлар базаси жорий этилади.
Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш 2017 йил 1 октябрдан 2018 йил 31 декабрга қадар ихтиёрий равишда амалга оширилса, 2019 йил 1 январдан 2020 йил 31 декабргача мажбурий тартибга айланади.
Гувоҳнома 10 йил муддатга берилади.