ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Ўзбекистон ҳукуматининг қарорига кўра, мамлакатда шу йилнинг 1 октябридан бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналари жорий этилади, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ва техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талоннинг янги намунаси 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб берилади. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилган кундан бошлаб 10 йил муддатга берилади.
Амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг янги намуналари босқичма-босқич ўтилади.
2017 йил 1 октябрь-2018 йил 31 декабрь даврида эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари учун улар эгасининг ёзма аризасига кўра ихтиёрий равишда, 2019 йил 1 январь-2020 йил 31 декабрь даврида эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари учун мажбурий тартибда амалга оширилади.
Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш 2017-2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич — автомототранспорт воситасини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда амалга оширилади.
Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.