ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Тожикистон ҳукумати қор кўчкиларидан жабр кўрган тожик халқига инсонпарварлик ёрдами йўллагани учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда "Жаҳон" АА хабар бермоқда.
Инсонпарварлик ёрдами ортилган юк машиналари Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Комил Орипов бошчилигидаги республика делегацияси кузатуви остида Турсунзода шаҳрига етиб келди. Бу ерда делегацияни Тожикистон фавқулодда вазиятлар қўмитаси раиси Рустам Назарзода бошчилигидаги вазирлик ва идоралар вакиллари кутиб олдилар. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг машиналар карвони Душанбега йўл олди.
Инсонпарварлик ёрдами қабул қилиб олинганидан сўнг ташкил этилган брифингда Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Комил Орипов Ўзбекистон тожик халқига оғир дамларда доимо ёрдам қўлини чўзиб келганини билдирди.
Бундан уч йил илгари ҳам Ўзбекистон Тожикистонга қурилиш материаллари, дори-дармон ва озиқ-овқатлардан иборат йирик миқдордаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатганди. Комил Ориповнинг таъкидлашича, бу Ўзбекистон ўз қўшнисига ҳар доим ёрдамга шай эканлигини англатади.
Ўз навбатида Тожикистон Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитаси раиси Рустам Назарзода Душанбе мамлакатнинг табиий офатдан зарар кўрган ҳудудларига ёрдам беришни сўраб қатор давлатлар ва халқаро ташкилотларга мурожаат қилганлигини айтди.
Назарзоданинг сўзларига кўра, Ўзбекистон мазкур илтимосга биринчилардан бўлиб жавоб бериб, ўз қўшнисига ёрдам қўлини чўзди.
"Тожикистон ҳукумати номидан ўз вақтида кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Инсонпарварлик ёрдамининг Тожикистонга ўз вақтида етиб келишини таъминлаган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа идораларининг аъло даражадаги фаолияти эътиборга молик. Раҳмат сизга, қадрли ўзбекистонлик дўстлар!", — деди у.