Касаба уюшмалари хотин-қизларга санаторийга бепул йўлланмалар берди

© Официальный сайтСанаторий "Умид Гулшани"
Санаторий Умид Гулшани - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Касаба уюшмалари томонидан 6 минг нафардан ортиқ хотин-қизларнинг концерт ва театрларга ташрифи, республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлари ташкил этилди

ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан "Касаба уюшмалари — хотин-қизларга" акцияси ўтказилди. Акция доирасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 50 нафар хотин-қиз "Умид Гулшани" санаторийсига бепул йўлланма билан таъминланди. Бу ҳақда Федерация матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, барча корхона, ташкилот ва муассасаларда "Аёллари қадр топган юрт", "Соғлом она — миллат таянчи", "Аёл борки олам мунаввар", "Аёл оила қўрғони ва чароғбони" каби мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди.

Ўзбекистонда болали аёлларга моддий ёрдам кўрсатилади ва уларнинг иш вақти қисқартирилади

Хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида бошланғич касаба уюшма ташкилотларида спортнинг волейбол, шахмат, шашка, дартс, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар ўтказилди ва ғолиблар тақдирланди.

Ишлаб чиқаришда, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида самарали фаолият юритаётган, фермерлик ва тадбиркорлик, касаначилик ва уй меҳнатида банд бўлган ҳамда юрт равнақига ҳисса қўшаётган илғор ва фаол хотин-қизлар, фахрий аёллар касаба уюшмалари томонидан рағбатлантирилди.

Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояталаб, боқувчисини йўқотган, жисмоний имконияти чекланган аёллар, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.

Касаба уюшмалари томонидан шунингдек, 6 минг нафардан ортиқ хотин-қизларнинг концерт ва театрларга ташрифи, республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлари ташкил этилди.

Янгиликлар лентаси
0