ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Туркманободда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов шарафига ўрнатилган ёдгорлик очилди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар қилди. Лебоп вилояти маъмурий марказининг асосий кўчаларидан бири ҳам Ислом Каримов номи билан аталади.
Ёдгорликнинг очилиши муносабати билан ташкил этилган маросимда Ўзбекистон ва Туркманистон давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Гурбангули Бердимуҳаммедов иштирок этди.
Туркманистон раҳбари йиғилганлар олдида нутқ сўзлар экан, Ислом Каримовнинг ҳамиша қардошлик ва биродарлик ришталарига асосланган ўзбек-туркман давлатлараро муносабатларини ривожлантиришдаги ўрнини юқори баҳолади.
"Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президентига энг яхши ёдгорлик — бу унинг ишини муносиб давом эттиришдир", деди Гурбангули Бердимуҳаммедов. У ўзаро бир-бирини тушунишнинг юқори даражаси, умумий тарихий илдизлар келгусида ҳам давлатлараро ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.
Туркманистон ва Ўзбекистон етакчилари Ислом Каримов хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйишди.