ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Тошкентда 15 мартдан эътиборан видеокамералар томонидан қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларни жаримага тортиш механизми синов тариқасида ишга туширилади. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи полковник Холматжон Сайдалиев маълум қилди, деб хабар берди Подробно.UZ.
Шу кундан бошлаб шаҳардаги 115 та чорраҳага ўрнатилган видеокузатув мосламалари ҳайдовчиларнинг қоида бузишлари — қизил чироқда ўтиб кетиш ва тезликни ошириш ҳолатларини қайд этади.
Камералар қайд қилган қоидабузарликлар бўйича жарима қоғозлари транспорт воситасининг эгасига юборилади. Юридик шахсларга тегишли автомобиллар қоида бузгани аниқланса, ўша транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахсга жарима солинади.
Камералар қайд этган қоидабузарликлар учун жарима тўлаш ҳақидаги қарор чиқарилгач, автомобиль эгаси икки ой ичида жаримани тўлаши керак бўлади.
Агарда қоидабузар жаримани тўламаса, жарима қоғози юборилганининг 61-куни машина жарима майдончасига олиб кирилади.