ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Ўзбекистон ҳайдовчилари йиллаб кутган қувончли воқеа содир бўлди — ЙҲХХ ходимлари пиёдаларга жарима солишни бошлади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ижтимоий тармоқларда ана шундай жарималардан бири акс этган жарима паттаси сурати пайдо бўлди. Унга кўра Самарқанд шаҳрида “Динамо” стадиони ёнида кўчани пиёдалар ўтиш жойи бўлмаган жойда кесиб ўтган фуқарога салкам 50 минг жарима ёзиб берилган.
“Зебра (пиёдалар ўтиш жойи) устидан эмас бошқа жойдан йўлни кесиб ўтган дўстим 49925 сўм жарима тўлади! Пиёдалар йўл қоидасини бузманглар! Бўлмаса жарима тўлайсизлар. Ҳатто наушник билан йўлни кесиб ўтсангиз, 49925 сўм жарима тўлайсиз! Мен ўзим ҳам ишонмаган эдим, лекин бирга бориб жарима тўлагандан кейин ҳақиқатдан ишондим”, — дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу хабарга юздан ортиқ изоҳлар қолдиришган. Аввалига кўпчилллик ишонмаган эди, воқеа тафсилотлари аниқ бўлганидан кейин бу ҳақиқат экани маълум бўлди.
“Дўстим паспортим ҳам телеф оним ҳам йўқ деганидан кейин, улар рация орқали навбатчи машинани чақириб, уни ИИБга олиб боришган. Шахси аниқланганидан кейин дарҳол қўйиб юборишган”, — дейди воқеани батафсил айтиб берган фуқаро.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда қабул қилинган янги ЙҲХ қоидаларига биноан, Ўзбекистонда пиёдалар ҳам йўл ҳарақатининг тўлақонли иштироқчилари деб тан олинади ва уларга нисбатан бир қатор жавобгарлик мажбуриятлари белгиланган. Хусусан, йўлни фақат пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтиш, йўлни кесиб ўтаётганда диққатни жалб қилувчи бошқа ишлар (мусиқа эшитиш, китоб ўқиш, телефон ўйнаш ва ҳо казо) билан шуғулланмаслик каби. Бундай ҳолларда пиёдаларга энг кам иш ҳаққининг учдан бир қисми миқдорида жарима белгиланади.