ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Ўзбекистонда бугундан бошлаб аҳоли пункти доирасида ҳаракатланиш тезлиги, видеорегистратор ва навигаторлардан фойдаланиш, скутер ва квадроциклларни мотоциклга тенглаштириш каби ўзгаришларни ўз ичига олган янги Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги қоидалари амалга кирди.
Янги ЙҲХ қоидаларига биноан аҳоли яшаш пунктлари ичида ҳаракатланиш тезлиги 30 км /соат билан чекланган. Ундан ташқари болаларни ташкилий тартибда ташувчи транспорт воситаларига ҳар қандай йўлларда тезликни 60 км/соатдан ошириш таъқиқланган.
Автомобил олд қисмига, видеорегистраторлар ва навигарторлардан ташыари, ҳаракат вақтида ҳайдовчининг диққатини тортувчи, кўринишни чекловчи монитор ва бошқа ускуналар ўрнатиш таъқиқланган.
Двигател ҳажми 50см кубдан ортиқ, ёки 50 км/соатдан тез ҳаракатланиш хусусиятига эга бўлган скутерлар, квадроцикллар ва электроскутерлар янги қоидаларга биноан мотоциклларга тенглаштирилган. Ушбу ТВ фойдаланиш учун ҳайдовчида “А” категорияли ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши керак.
Янги қоидаларга пиёдалар учун ҳам бир қатор чекловлар киритилган: унга кўра, пиёдаларга автомобил йўллари четидан ҳаракатланиш вақтида, ёки пиёдалар ўтиш жойидан ўтиш вақтида телефон, планшетлардан, фойдаланиш, китоб, газета журнал ўқиш таъқиқланади.
Ҳайдовчилар сутканинг қоронғу вақтида ва кўриниш ёмон бўлган вақтда йўл четида тўхтаб транспорт воситасидан тушганда махсус нур қайтарувчи нимча кийиши шарт.
Янги ЙҲХ қоидаларига Йўл-транспорт қоидабузарликлари махсус ускуналар орқали автоматик равишда фото ва видео фиксация қилиш қоидаларини киритилган. Ушбу қоидаларда янги “Қоидбузарликларни фото ва видео фиксация қилиш” янги белгиси ҳақида ҳам хабар берилган.