ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Тошкентда халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги битим доирасида тузилган ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур йўлакни яратиш ҳақидаги битим 2011 йил апрелида Эрон, Уммон, Туркманистон, Қатар ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида тузилган. 2013 йил апрелида Қатар лойиҳадан чиқишга қарор қилган.
2014 йилнинг августида Уммон пойтахти Маскат шаҳрида Ўзбекистон, Эрон, Туркманистон ва Уммон ТИВ раҳбарлари транспорт йўлагини яратиш бўйича битимнинг амалга оширилиши бўйича меморандум тасдиқланди. Келишув 2016 йилнинг 23 апрелида кучга кирди.
"Томонлар бир ой муддат ичида депозитарийга (Туркманистон) ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишида тасдиқлаш учун қатор таклифларни тақдим этиши лозим", — деб ёзади РИА Новости.
Гап, хусусан, автотранспорт воситалари учун "яшил йўлак" ташкил этиш, юкларни сақлаш ва юклаш учун қулай шароит ва самарали схемаларини яратиш ҳамда денгиз портлари причалларидан фойдаланиш ҳақида бормоқда.
Йиғилиш қатнашчилари темир йўл транспорти орқали юкларни транзит қилишда ягона тарифни шакллантириш масаласини кўриб чиқиш ҳамда асосий товар позициялари ҳақида маълумот алмашиш, транзит учун сўров асосида имтиёзлар тақдим этишга келишиб олишди.
"Ўзбекистон темир йўллари" компаниясининг маълумот беришича, томонлар шунингдек, "Марказий Осиё — Форс кўрфази" йўлагига кирувчи автомобиль ва темир йўл йўналишлари рўйхатини тасдиқлаш учун ишчи гуруҳи қўмитасига тақдим этишга келишишди.
Транспорт-транзит йўлагининг бир қисми Ўзбекистон, Туркманистон ва Эронни боғловчи темир йўл орқали, қолган қисми Эроннинг Бандар-Аббос ва Чохбаҳор портларидан Уммон портларига қадар денгиз орқали ўтади.
Транспорт йўлаги лойиҳа иштирокчилари бўлган мамлакатлар учун янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий ва саноат инфратузилмасини барпо этиш, йирик ташқи инвестицияларни жалб этиш борасида муҳим омил бўлиши кутилмоқда.