ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. Ўзбекистондаги Beeline алоқа оператори абонентлари бу йил бепул қўнғироқлар ва интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар, деб маълум қилди компания техник директори Podrobno.uz нашрига.
Мессенжер ва онлайн-хизматлар агрегатори вазифаларини ўзида мужассамлаштирган VEON глобал интернет-платформаси ишга туширилиши ана шундай имкониятни тақдим этади.
VEON платформаси ичида овозли ва мультимедиали қўнғироқларни амалга ошириш бепул бўлади. Илова ичида интернетдан фойдаланганлик учун ҳам ҳақ олинмайди. VEON иловасини бошқа операторлар абонентлари ҳам ўрнатишлари мумкин бўлади.
VEON Италияда ишга туширилган бўлиб, илова уч ҳафта ичида 1 млн қурилмага ўрнатилди.
"Биз мазкур интернет-платформани жорий йилда ишга туширамиз, аниқ муддати ҳақида ҳозирча айтолмайман. Унинг имконият ва вазифалари эса Италияда ишга туширилган илованикидан фарқ қилмайди", — деди у.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда Beeline абонентлари сони 2016 йил 4-чораги якунларига кўра 9,5 млн кишидан ошган.