ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарори билан Миробод, Юнусобод, Яккасарой, Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларини бирлаштириб турувчи Ўзбекистон кўчасига Ислом Каримов номи берилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 25 январда "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисида" Қарор чиқарган эди.