ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбек шоири, ёзувчи ва журналисти Жонрид Абдуллахонов бугун 88 ёшга тўлган бўларди.
Шоирнинг исми америкалик журналист Жон Рид шарафига қўйилган. Унинг отаси "Дунёни титратган ўн кун" асаридан шу даражада таъсирланадики, ўғлига америкалик ёзувчининг исм-шарифини қўяди.
Жонрид Абдуллахоновнинг илк шеъри у 12 ёшга тўлган пайтида Намангандаги "Ленин болалари" ва "Зарбдор" газеталарида чоп этилган.
Фронтдан отасининг бедарак йўқолгани ҳақида хат келганидан ва онасининг вафотидан сўнг 14 ёшли болакай Тошкентга йўл олади. У республика радиосининг "Пионер эрталиги" эшиттиришида диктор бўлиб ишлайди.
1949 йилда кўплаб шеърлар ва "Алексей Пешков" пьесаси муаллифи сифатида у Ўрта Осиё давлат университети (ТошДУ, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)га танлодан ташқари киради ва 1954 йилда тамомлайди.
Сўнгра узоқ йиллар давомида Ўзбекистон радио ва телевидениеси адабий эшиттиришлар бўлимида ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлайди, шунингдек, Ўзбекистон маданият вазирлигида бош мутахассис сифатида фаолият юритади.
1960 йиллар бошида "Труд" газетасида чоп этилган "Жайҳун бизга дўстми" мақоласида у сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш лозимлигини, акс ҳолда ўша пайтда лиммо-лим бўлган Орол денгизи қуриб қолишини ёзади. Мақола Ўзбекистон партия раҳбариятининг кескин норозилигига сабаб бўлади.
Партия раҳбариятининг нуқтаи назарига кўра иғвогарлик руҳидаги ушбу мақоласи учун Жонрид Абдуллахонов партия сафидан ўчирилади. Кейинчалик "Борса келмас" романида Абдуллахонов Орол мавзусига қайтади.
Абдуллахоновнинг сценарийси бўйича 1964 йилда Марказий телевидениеда, сўнгра Ленинград ва Киевда намойиш этилган СССРдаги илк телевизион фильм бўлган "Азизахон" фильми суратга олинади (режиссёр — М.Муҳаммедов).
Жонрид Абдуллахонов "Йўл", "Борса келмас", "Хонадон", "Суиқасд" каби романлар муаллифи, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби ҳисобланади.