Ўзбек ижодкори рус шоирасига атаб мактуб ёзди

© Sputnik / Евгений Одиноков / Медиабанкка ўтишГуллар
Гуллар - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Рус шоираси Ника Турбинанинг ҳаёти, унинг шеърлари янглиғ қисқа ва фожиага тўла бўлди. Ника жуда ёш 27 ёшида вафот этди. Аммо шу йиллар оралиғида у баъзи бировлар 90 ёшда ҳам кўрмайдиган ҳодисаларни бошдан кечирди. Ўзбек ижодкорларидан бири Турбинага аталган мактубларини нашримизга йўллади

ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Ника Турбина ўз замонасининг "вундеркинд" боласи,  рус адабиётининг ҳақиқий феномени деб тан олинган: Ника 4 ёшидан бошлаб шеър тўқишни бошлаган ва уларни ёзиб қўйишлари учун онаси ва бувисига айтиб турган.

Турбина болалигидан ўпка шамоллаши касаллиги билан оғриган ва оқшомлари деярли ухламаган. Манбаларда таъкидланишича. у туни билан каравотчасида ўтириб чиққан ва кечалари билан алланималар дея пичирлаган. Миттигина Турбина шеърларни унга Яратганнинг ўзи шивирлаб турганини айтган.

Ўзбек ижодкори фожеали ҳаётни бошидан кечирган рус шиорасига атаб қалб кечинмалари туширилган мактубни йўллади.

Биринчи мактуб

Ассалому алайкум, Ника Турбина!

Мени сизга мактуб йўллашга ундаган нарса эҳтимол ҳайратдир! Эҳтимол мўъжизадир! Эҳтимол кўнгилдир! Гарчи ҳайрат ҳам, мўъжиза ҳам биргина кўнгилнинг ўзида, қуёши ботмас, осмони мусаффо, замини хушбўй гуллару ям-яшил ўт-майсаларга бурканган, сарҳадию соҳиллари йўқ, на жиловлаш, на бир изнга солиш мушкул бўлган бир ложувард хилқатда рўй берса-да, ҳайратни алоҳида, мўъжизани алоҳида атагим келди. Туриб-туриб, яна ўз фикрларимга ўзим қарши бораман. Ахир ҳайрат ҳам, мўъжиза ҳам чақиндек ярқ этиб, сўнг қалбимизга кириб келмайдими?

Ҳайратни ҳам, мўъжизани ҳам кимдир ё нимадир кўз ўнгимизда содир этиб, худди яқинимиз ўзимизга гул узатгандек кўзларимиз томон югуртирмайдими? Кўзлар деразасидан сизиб, ичкарига — кўнгил дунёмизга инган бу мунавварликлар, қувноқликлар, гўзалликлар бутун вужуду руҳимизни яйратиб, жону жисмимиздаги бор изтироб, дарду чарчоқни сирқитмайдими?

Мен шуни англаб етяпман, Ника! Ҳайрату мўъжизани ўзимиз ҳам, ёнимиздаги яқинимиз, танишу нотанишлар ҳам уйғотиши мумкин. Бунинг учун кўнгли бедор инсонда имкониятлар бор, беҳисоб. Аммо мен ҳозир фақат сиз қолдирган ҳайратлар, мўъжизалар ва кўнглингиз ҳақида сўз қораламоқчиман.

Ника, айбга буюрмайсиз, негадир сизни сенлашга тилим бормаяпти. Бундан ранжиманг, биз ўзбеклар шарқона тарбия удумида улғайганмиз, оилавий муҳитдаги тарбия ҳам шу қадриятни, ўзбекларга хос муомала маданиятини тақозо этган. Биз ўзимиздан неча ёш улуғ инсонларга “сиз” деб мурожаат қилганимиз каби ўзимиздан неча ёш кичик одамлар, ҳатто болакайларни ҳам сизлашга ўргангамиз. Ранжиманг, Ника! Биламан, бир мухбир билан суҳбатлашаётиб, мени бемалол “сенлайверинг, ахир қариб қуюлган кампир эмасманку” дея ёзғиргандингиз. Бундан сездимки, сиз ҳар бир одамни ҳам ўз яқинингиз каби яқин олиб кетавергансиз, ўзингизни доим гўдакдек ҳис қилгансиз.

Ника, ўзи мени ҳайратлантирган шеърларингиз, менга нақ мўъжизадек туйилган ашъорларингиз ҳақида ёзмоқчи эдим. Ҳайратимнинг ибтидоси – сизнинг тўрт ёшдан бошлаб, шеър қоралай бошлаганингиз. Даставвал ўжарлигим тутди. Ишонч ҳиссига эрк бермадим. Бу фавқулодда ҳодисага дабдурустдан ишониш аҳмоқлик, нодонлик бўлиб туйилди. Ахир ақли бутун, фикр қозони қайнаб турадиган “мияли” ҳар қандай одам ҳам бу чўпчакка ишонмайди-да. Қани бировга тўрт ёшли қиз одамни эсанкиратадиган шеър ёзибди, деб кўринг-чи, ундан қандай жавоб олар экансиз.

Ҳеч вақт, ҳечдан ҳеч "қойил!" деб юбормаса керак. Гарчи “Қоралама” (Черновик”) тўпламингиздаги Сўз ҳосилалари бир бутун, такрорланмас истеъдодни, ҳар бир сўз заргари ҳам ёза олиши мушкул бўлган шеърлар эканига шоҳидлик берса-да, мен бир қизалоқнинг ҳали ҳарф танимай, сўзга дўст тутинмай туриб адабиётга даъволик қилиши, ўзини катта шоирлардек тутиши менга эриш туюлди.

Мен сизга ижод йўлида йўлбошчи бўлган улуғ рус шоири Евгений Евтушенкони ҳам ёмон кўриб қолдим. Наздимда, сиз чала, маромига келмаган, хом-хатала шеърлар ёзгансизу, шоир уларни таҳрир этиб, тартибга киритгандек эди. Аммо кейин сиз шеър ўқиган аудиоёзувларни тинглаб, шубҳа-гумонларим асоссиз эканини, мен янглишаётганимни англаб етдим. Чунки аудиоёзувда сиз шундай берилиб, ўзингизни-да унутар даражада шеър ўқигансизки, мен фақат туғма шоира шундай ишончла, умидла, журъатла шеър айтиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилдим. Шунда шоиру шеъру шуурлик илоҳий эканига, бу олий маънавий неъмат Яратганнинг ўзи танлаган бандаларига икром этишига яна бир карра имон келтирдим.

Ника, сизнинг шеърларингиз мени гангитди, ҳаяжонлантирди. Айни сизнинг шеърларингизга рўпара келгач, мен ҳайрат кўзгуси билан тўқнашдим. Бу мўъжизавий кўзгу мавжлана-мавжлана мени ўз дунёсига тортиб кетди. Мен Ника Турбина деб номланмиш бир тоза, аммо зоҳиру ботини ғамга чулғанган дунё узра парвоз қилдим. Қизиқ, ғусса ҳам одамни парвозга ундаши мумкин экан. Изтироб ҳам қанот бериши мумкин экан. Эҳтимол ана шу дарду изтироблар берган қанот туфайли парвоз қилгандирсиз. Кўк узра учгандирсиз. Юрагим сиз кечирган, ҳис этган сўнгсиз аччиқ аламу азобларга лиммо-лим бўлдию, бироқ айни шу тиғли изтироблар, оғриқлар ҳавосила ўзимни бедор ҳис қилаётгандим ва шуни англадимки, бу дарду аламлар кўнгилга нафақат қанот бахш этаркан, бошпана, либос ҳам экан. Кўнгил ўзи чеккан изтироблар ҳавосидан симириб, жон сақларкан. Кўнгилга изтиробгина сув ҳаво экан.

Ника, мен сизга яна мактуб йўллаш ваъдасини бериб, илк номага нуқта қўяётирман.

Умид Али

Янгиликлар лентаси
0