ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистоннинг 23та туманида заъфарон плантациялари ташкил этилади, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.
Лойиҳага кўра Ўзбекистоннинг 23 туманида 50 гектардан зиёд майдонда заъфарон плантацияларини ташкил этиш, унинг хомашёсидан фармацевтика саноатида фойдаланиш, маҳсулотни экспортга йўналтириш режалаштирилган.
Гулсафсардошлар оиласига мансуб заъфарон шамолдан пана, жануб томонга бироз қия бўлган, қуруқ тупроқларда ўсади. Уни экиш муддати ўсимлик тиним даврига ўтган вақтда, яъни июл-август ойларига тўғри келади. Заъфарон туганак пиёзлари 10 сантиметр узоқликда, 15 сантиметр чуқурликда, 60 сантиметр кенгликда экилади.
Заъфарондан олинадиган доривор хомашё – қизил рангли гул устунчаси октябр-ноябр ойларида терилади ва заъфарон тайёрлаш пунктларига юборилади. Бир гектар плантациядан ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограмм доривор ҳосил олинади. Жаҳон бозорида 1 килограмм хомашёнинг нархи 400 доллардан 1000 долларгача баҳоланади.
Бугунги кунда заъфарон Эрон, Туркия, Озарбайжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия каби ўн бешдан ортиқ мамлакатда етиштирилади.
Халқ табобатида заъфарон ўнлаб хасталикларни даволашда ишлатилган. Абу Али ибн Сино заъфарон ичиш рангни чиройли, кўзни равшан, юракни қувватли, нафас аъзоларини соғлом қилишини ёзиб қолдирган.
Ҳозирги кунда ушбу ўсимлик тиббиёт ва озиқ-овқат саноатида кенг ишлатилади. Унинг таркибида 50 %дан ортиқ бўёқ берувчи кроцин, 2,7 % ёғ, 0,32 % эфир мойи, В, В2 витаминлари, азотли моддалар, қанд, калий ва кальций бирикмалари мавжуд бўлиб, кўплаб касалликларни даволашда қўлланилади. Ўсимлик ўзига хос хушбўй ҳиди, ёрқин ранг ва таъм бериши боис турли таомларга қўшилади. Ундан қандолат маҳсулотлари, кремлар, музқаймоқ тайёрлашда ҳам фойдаланилади. Заъфарон қўшилган озиқ-овқат маҳсулотлари бир неча кунгача сифатини йўқотмайди.
Мирзиёев ўз сафари давомида заъфарон плантацияларини ташкил этиш маҳаллий фармацевтика саноати учун хомашё манбаини яратишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этган. Заъфарон етиштириш учун мутахассислар тайёрлаш, бунинг учун алоҳида коллежни танлаш ва ёшларни ўқитиш, Тошкент давлат аграр университетида мутахассислар тайёрлаш лозимлигини таъкидлаган.
Заъфарон ўсимлигини етиштириш, келажакда уни кўпайтириш бўйича марказ ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилган. Бу марказда доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари турларини танлаш, илмий-тадқиқотларни йўлга қўйиш, ёш кадрларни соҳага йўналтириш, пировардида чет эл илғор технологияларини ўрганиш ва экспортни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган.
Мирзиёевнинг бу ташаббуси олимларни янада рағбатлантирди.
Мазкур лойиҳанинг ишга тушиши заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларнинг энг яхши намуналарини танлаб олиб, уларни кўпайтириш, яхлит соҳа сифатида ихтисослаштириш, фармацевтика, парфюмерия ва озиқ-овқат саноатини маҳаллий хомашё билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади", — деб ёзишган ўз мақолаларида биология фанлари доктори, профессор Бобоқул Тўхтаев ҳамда катта илмий ходим-изланувчи Азиз Маҳмудов.