ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Самарқанд вилояти боғбонлари жорий йилдан сувсиз майдонда ҳам узумнинг юқори сифатли ва ҳосилдор навларини етиштиришга киришмоқдалар, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.
Айтилишича, лалми ерда экилиши режалаштирилаётган 756 гектар интенсив усулдаги токзорларнинг 140 гектарга яқини тупроқ шароити оғир ва шартли суғориладиган майдонларда ташкил этилади. "Лалми майдонларда қиш-баҳор ойларидаги қор, ёмғир сувларининг бошқа ўсимликлар таъсирида нисбатан юзароқда сақланиб қолиши ток ривожланишининг дастлабки даврида етарли намлик билан таъминлаш имконини беради", — деб ёзган нашр.
"Узумчиликнинг бундай усулда етиштирилиши сув тежамкорлигига олиб келади. Қолаверса, лалми майдондан ҳам унумли фойдаланиб, гектарига 150-200 центнердан ҳосил олишга эришиш мумкин", – деб айтган "Зарафшон" мухбири мухбири Ўктам Худойбердиевга вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси боғдорчилик бўлими бошлиғи Мақсуд Қорабоев.
Хабарга кўра, ҳозирданоқ барча тайёргарлик ишларига киришилган. Янги токзорлар учун талаб этиладиган 980 мингдан кўпроқ ток кўчатлари туманлардаги узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станциясида тайёрланаётгани таъкидланган.
Ташкил этиладиган токзорларга фермер хўжаликларининг ўз маблағлари билан чекланилмасдан, бир нечта банк филиалларининг молиявий кўмаги ҳам йўналтирилади. Натижада 660 дан кўпроқ иш ўрни ҳам яратилади, — деб ёзади нашр.
"Ихтиёримизда 52 гектар лалми яйлов бор, – деган Нуробод туманидаги "Шоназар бобо" фермер хўжалиги бошлиғи Шоназар Элмуродов. – Бу йил тасарруфимиздаги ернинг 5 гектарида интенсив усулда токзор ташкил этмоқчимиз. Бунинг учун Қўшработ туманидаги илғор фермерлардан кишмишбоп узум қаламчаларидан келтириб, кўчат қилиб қўйдик. Экиш учун барча зарур шароитлар яратилди. Жумладан, хўжалигимиз ерларига қуёш панеллари ўрнатиб, 150 метрдан сув чиқардик.
Унинг ёрдамида ток кўчатларини томчилатиб суғорамиз. Экилаётган ток кўчатлари 4 йилда тўлиқ ҳосилга кириб, гектаридан 200 центнердан ҳосил беради. Унгача қатор ораларига нўхат экиб, ердан унумли фойдаланишни режалаштирганмиз. Бу йил ушбу лойиҳа билан 5 та иш ўрни яратган бўлсак, кейинчалик интенсив боғдорчилик ташкил этиб, 25 нафар ёшларни иш ўрни билан таъминламоқчимиз.