ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Йўл патрул хизмати ходимлари нотўғри парковка қилинган автомобиллардан рақамини ечиб олишга ҳақли эмас, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбирига Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Дониёр Тошхўжаев.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бу масалага ойдинлик киритишга ёрдам берди.
Дониёр Тошхўжаевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда ҳуқуқ-тартибот органлари ички тартиб буйруғига эгалар ва бу ҳужжатда автомобиллар рақамлари ечиб олиш тартиби қатъий белгиланган 45га яқин бандлар мавжуд.
"Мисол учун инспектор агар автомобил техник жиҳатдан носоз бўлса ёки бўлмасам узоқ вақт мобайнида шаҳарнинг бирон бир қисмида қолдириб кетилган бўлса машина рақамини ечиб олиши мумкин.
Аммо инспектор нотўғри парковка қилинган автомобил рақамини ечиб олишга ҳақли эмас. У эвакуаторни чақириб, машинани жарима майдончасига юбориши лозим", — деб таъкидлади Тошхўжаев.