ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 10 март кунидан бошлаб ой охиригача "Таълим ва мутахассислик" кўргазмалари ўтказилади. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Кўргазмалар Меҳнат вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Савдо-саноат палатаси ва "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан имзоланган қўшма қарорга асосан ўтказилади.
Тадбирлар доирасида иштирокчилар республикада фаолият кўрсатаётган миллий ва хорижий таълим муассасалари ҳамда филиаллари, ўқув марказларидаги мавжуд таълим тайёрлов йўналишлари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, йирик компаниялар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида мавжуд бўш иш ўринлари билан танишишлари ва ишга жойлашишлари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олишлари мумкин бўлади.
Мазкур кўргазмалар олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ва аввалги йиллар битирувчиларини касбга ёки аниқ иш жойига йўналтириш, ўқишини давом эттириши ҳамда иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган коллеж битирувчиларининг фаолиятлари билан яқиндан танишишларида катта аҳамиятга эга.