ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг General Electric компанияси вице-президенти Роналд Жеймс Поллетт билан ҳамкорлик муносабатларини муҳокама қилди.
"Мамлакат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармон доираларининг узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қизиқиши ортиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади", деб хабар беради РИА Новости.
Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, учрашув чоғида ушбу компания билан узоқ муддатли, айниқса, юқори технологик тармоқлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, электр энергетика, нефть ва газ, электротехника саноати, замонавий тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлардаги янги дастур ва лойиҳалар борасида сўз юритилди.
"Поллетт самимий қабул ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаётгани учун Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдириб, General Electric Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади", дейилади матбуот хизмати хабарида.
Поллеттнинг Ўзбекистон вазирликлари ва идораларида ўтказган учрашувлари якунида иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида меморандум имзоланди.
2015 йил июлида General Electric Тошкент иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш учун қуввати 370 МВтли буғ-газ қурилмасини етказиб берган. 2016 йил майда АҚШ компанияси ва "Ўзбекнефтегаз" миллий холдинг компанияси модернизация ва нефть-газ соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўзаро англашув ҳақида меморандум имзолаган.