ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Россия ва Қирғизистон ҳарбий ҳамда ҳарбий техник ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди, деди Россия президенти Владимир Путин қирғизистонлик ҳамкасби Алмазбек Атамбаев билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг.
"База ҳақидаги масала кўриб чиқилгани йўқ. Гап Қирғизистон Қуролли кучларини кучайтириш, қурол ва аслаҳалар етказиб беришни фаоллаштириш ҳақида борди. Россия бизга армиямизни мустаҳкамлашга ёрдам бермоқчи", — деб жавоб қайтарган Атамбаев.
Журналистнинг саволига Россия президенти ҳам жавоб берган.
"Агар Қирғизистон бизларнинг базамиз керак бўлмай қолган даражада ўз Қуролли кучларини мустаҳкамлаб олганини айтса, базамиз бу ердан кетади. Бизнинг бу базада катта эҳтиёжимиз йўқ", — деб таъкидлаган Путин.
Россия етакчиси Қирғизистонда Россиянинг "Кант" авиабазаси қайси мақсадда ташкил этилганлигини ҳам эслатиб ўтган.
"Мамлакат 1999-2000 йилларда террорчилар ҳужумига дуч келганида, ўша вақтдаги ҳукумат раҳбарлари мендан зудлик билан ҳарбий контингентни ва биринчи навбатда авиацияни жойлаштиришимни илтимос қилишган эди", — деб таъкидлаган Путин.
Путин объектнинг биринчи галдаги вазифаси — минтақада тинчликни таъминлаш эканини айтиб ўтди, деб ёзади Спутник Қирғизистон.