ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси иштирокида 2017-2019 йиллар учун мўлжалланган бош келишув имзоланди.
Меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солишда ва иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлашда жамоа келишувлари ва шартномаларининг ролини оширишга, иш ҳақидан қонунчиликда кўзда тутилмаган ушлаб қолишларга йўл қўйилмаслигига доир қўшимча чора-тадбирлар кўриш мақсадга мувофиқ деб қабул қилинган.
Томонлар энг кам меҳнат ҳақи стандартларига риоя этилиши устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, шунингдек меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг тариф қисми ва тарифга қўшимча қисми ўртасидаги мақбул нисбатни давлат томонидан ва жамоа шартномалари воситасида ўрнатилишини таъминлаш зарурлигини тан олишган.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилиши, ёш мутахассисларни ўз иш ўринларида қўнимлилиги учун иш берувчилар масъулиятини ошириш, юридик шахсларнинг тугатилиши ва қайта ташкил этилиши натижасида бўшатиб олинган ходимларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этиш, меҳнат миграциясини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича амалий чоралар кўриш устувор вазифалар ҳисобланади.
Келишувни ҳукумат номидан бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева, ходимлар ташкилотлари номидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, республика иш берувчилар бирлашмалари номидан — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов имзолаган.