ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. "Икат" услубидаги кўҳна тўқувчилик ҳунари авлоддан авлодга мўътабар омонат ўлароқ ўтиб келаётган бебаҳо маданий бойлигимиз саналади. Бетакрор ва беназир ипакчилик мактаби асрлар давомида нашъу намо топди.
Абрбанди услубидаги безак, тимсол ва нақшу нигорлар моҳир мусаввир асари каби мафтункор. Қолаверса, уларда ўзбек заминида умргузаронлик қилаётган ҳунарпеша халқнинг оламни, одамни англаш билан боғлиқ кўҳна тасаввурлари мужассамдир.
Ўзбек ҳунармандлари Шарқ уйғонишидан бугунги давргача фавқулодда кўркамлик ва мукаммаллик, юксак дид ва маданият ила дунёни лол этиб келмоқда. Анъанавий миллий санъат дея эътироф этилган ушбу кўҳна ҳунар турфа тамаддун ва халқларнинг тарихий-маданий қадриятларини уйғунлаштирган ҳолда, Ипак йўли бўйлаб замон ва маконлар оша "саёҳати"ни давом эттираётир.
Миллий ҳунармандлар ўзбек халқининг чинакам маданий бойлиги — ипакчилик усуллари ва анъаналарини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётгани таҳсинга сазовор.
XXI асрда бу нодир ҳунар тарихида уйғониш даври, гулгун фасл бошлангани рост бўлсин!"