ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Лола Каримова-Тиллаева Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида буюк ўзбек ёзувчиси Усмон Носир ҳақида пост эълон қилди.
"Бугунги постимни ноёб иқтидор соҳиби, XX аср ўзбек адабиётининг йирик намоёндаларидан бири, лирикаси ҳали ҳанузгача миллий шеъриятимизнинг энг сара дурдоналаридан саналиб келувчи Усмон Носирга баҳшида этмоқчиман.
Усмон Носир 1912 йил 13 ноябрь куни Наманганда таваллуд топган ва унинг болалик ва ўсмирлик йиллари етимхонада ўтган. Шоир адабиётдаги илк қадамларини жуда эрта бошлаган бўлиб, мактаб чоғларидаёқ унинг илк шеърлари бир қатор маҳаллий даврий нашрларда чоп этилган.
Усмон Носир нафақат шоир, балки драматург ва таржимон сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Шоир Александр Пушкиннинг "Бахчисарой фонтани" ва Михаил Лермонтовнинг "Иблис" номли асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Эндигина 25 ёшни қарши олиб, ижодий фаолияти гуркираган бир пайтда, адиб "контрреволюцион фаолиятда" айбланиб, совет давлатининг қатағон сиёсати қурбонига айланган. Шоир 1937 йили узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум этилиб, 1944 йилда Кемерово областининг Мариин туманидаги лагерлардан бирида 31 ёшида ҳаётдан кўз юмган…
Усмон Носир, умри қисқа бўлишига қарамай, ҳалқимиз тарихи ва юрагида ўзбек ижодиётининг энг ёрқин ва мукаммал дурдоналаридан ҳисобланмиш асарлари билан ўчмас из қолдирди".