ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ректори В.И.Гришин олийгоҳнинг Тошкентдаги филиалини ривожлантиришдаги улкан ҳиссаси учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номидан "Дўстлик" ордени билан мукофотлантирилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот-хизмати.
Хабарга кўра, 19-21 февраль кунлари Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов Москва шаҳридаги Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг 110 йиллик юбилейида иштирок этган.
Тадбирда Ўзбекистон-Россиянинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришда икки давлат олий таълим муассасалари алоқаларини кенгайтиришдаги ҳамда республиканинг иқтисодий ва молия соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлашдаги улкан ҳиссаси, шунингдек, университет ташкил топганининг 110 йиллик юбилейи муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 февралдаги "В.И.Гришинни "Дўстлик" ордени билан тақдирлаш ҳақида"ги ПФ-4959-сонли фармони ва табриги ўқиб эшиттирилган.
Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ректори В.И.Гришинга Ўзбекистон президенти номидан "Дўстлик" ордени ва қимматбаҳо совғаларни топширган.