ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия таълим соҳасидаги ҳамкорликни сезиларли равишда кенгайтириши мумкин, деди бош вазир ўринбосари Рустам Азимов Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси мажлисида.
Ўзбекистон томони Россияга Тошкентдаги Ломоносов номидаги Москва давлат университети (МГУ) филиалида амалий математика ва информатика бўйича магистратура, кейинчалик эса табиий фанлар бўйича янги факультетлар очишни таклиф қилди.
"Биз таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш борасида улкан истиқболга эгамиз. Ҳозирда Ўзбекистонда Россиянинг учта етакчи олий ўқув юртлари филиаллари муваффақиятли ишлаб келмоқда. Биз ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз, Ўзбекистонда учта йўналиш: қора ва рангли металлар, тоғ иши ва геологоразведка бўйича илмий-тадқиқот технология университети филиалини ташкил этишни таклиф қиламиз", — деди Рустам Азимов.
Бундан ташқари, бош вазир ўринбосарининг фикрига кўра, ҳамкорликнинг ушбу йўналишини ривожлантиришда Губкин номидаги Россия давлат университети ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт университети ўртасида тузилган биргаликда таълим дастурларини амалга ошириш ҳақидаги шартнома муҳим роль ўйнайди.
Бугунги кунда Россия олий ўқув юртларидаги талабалар сони бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида етакчилардан ҳисобланади. Уларнинг умумий сони 17 мингдан ошади. Ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистондан 4 мингдан ортиқ абитуриент Россия ўқув юртларига ўқишга кирди.