ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. 26 майдан 28 майга қадар Бухоро шаҳрида "Ипак ва зираворлар" XVI фестивали бўлиб ўтади. Ҳар йили ташкил этиладиган фестивал доирасида турли хил тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда, деб хабар қилган НАЭСМИ.
Хабарга кўра, шаҳарнинг тарихий қисмида жойлашган озиқ-овқат ярмаркасида тадбиркор ва мутахассислар ўз зираворларини намойиш этишади.
Қўчқор ва хўроз уруштириш, дорда юриш каби халқ ўйинлари ҳам ташкил қилинади.
"Палов сайли" республика вилоятларининг энг моҳир ошпазларини жамлайди.
"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан ёш дизайнерларнинг атлас ва адрасдан тайёрланган кийимлари кўргазмаси ташкил қилинади.
Шунингдек, мамлакатнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган фолклор жамоалари концертлари ҳамда машҳур ва ёш санъаткорлар иштирокида гала-концерт ўтказилиши мўлжалланган.