ТОШКЕНТ, 21 фев — Sputnik. Россиянинг енгил автомобиллар, микроавтобуслар ишлаб чиқарувчи энг йирик компанияси — "ГАЗ" гуруҳи Ўзбекистонда ҳамкорликда ўз автомобилларини ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Россия саноат ва савдо вазири ўринбосари Виктор Евтухов маълум қилди.
Унинг айтишича, "ГАЗ" гуруҳи ҳамкорликда Самарқанддаги автомобиль заводида ёки Ўзбекистон ҳукумати тавсия қилган бошқа майдонда ўз автомобиллари, хусусан микроавтобусларни йиғув ишлаб чиқаришини ташкил қилишга қизиқиш билдирган.
"Ўзбекистон раҳбарияти томонидан улар бу лойиҳани амалга оширишда ҳеч қандай тўсқинлик кўришмаётгани билдирилди", деди Евтухов.
Шунингдек, Евтуховнинг маълум қилишича, бугунги кунда Вектор-410 озуқа ва ғалла йиғувчи комбайнларини биргаликда ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш муҳокама қилинмоқда.
"Бунда "Ростсельмаш" Ўзбекистонга Вектор-410 комбайнларини Покистон, Туркманистон ва Афғонистонга экспорт қилиш ҳуқуқини тақдим этишга тайёр", деди Россия саноат ва савдо вазири ўринбосари.