ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Гарчи кўпгина масалаларда фикримиз бир жойдан чиқмаётган бўлса-да, Европа Иттифоқининг Россия билан муносабатларини яхшилаш даркор, деди Ангела Меркель, дея хабар қилмоқда РИА Новости.
"Россия — бизнинг ташқи чегараларимиздан бири ва бизнинг қўшнимиздир, гарчи кўпинча фикрларимиз айро тушаётган бўлса-да, мен Россия билан яхши муносабатлар ўрнатилиши учун овоз беришда давом этаман", — деб айтган Меркель Мюнхенда бўлиб ўтаётган хавфсизлик анжуманидаги чиқиши давомида.
Меркель шунингдек, Россия ва Ғарбнинг халқаро террорчиликка қарши курашда умумий манфаатлари борлигини қўшимча қилган.
Германия канцлери шунингдек, Россия-НАТО йиғинида гибрид уруш масаласини ҳам муҳокама қилиб олиш керак, деб айтган.
"Бизга аёнки, Россия гибрид уруш стратегиясига мудофаа турларидан бири сифатида қарайди. Ва агар мен бирор истакни айта олганимда, у ҳолда, Россия — НАТО кенгаши доирасида мана шу масала кўриб чиқилса айни муддао бўлар эди", — деган Меркель.
Канцлер "гибрид уруш демократия учун жиддий чақириқ бўлди", дея қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, "гибрид уруш" концепцияси ўтган асрда АҚШда ишлаб чиқилган бўлиб, расмий Вашингтон томонидан бутун дунё бўйича мамлакатлардаги режимларни алмаштиришда фаол қўлланиб келинган.
Концепциянинг асл моҳияти фуқаролар, ҳарбийлар, ахборот ва иқтисодий воситалардан фойдаланган ҳолда, муайян бир давлатда тинчликни издан чиқаришдан иборат.