ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Ўзбекистон президентининг қарори талабларига мувофиқ, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, шунингдек шаҳар тиббий диагностика марказлари, туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари лавозимига, тегишли туман ҳокими билан келишилган ҳолда, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тайинланиши белгиланганди.
Эндиликда Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий органларидаги кадрлар таркибини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда юқори малакали мутахассислар, ҳалол, пок, виждонли, масъулиятли ходимлар билан мустаҳкамлаш чора-тадбирлари кўрилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур талаблар асосида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини ва бошқарув органлари раҳбарларининг малакаси ҳамда касбий тайёргарлиги даражасини доимий равишда ошириб бориш тизими яратилади.
Уларнинг касбий тайёргарлик ва малака даражаси бўйича эгаллаб турган лавозимига муносиблиги ҳар йили тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан келишган ҳолда аттестациядан ўтказиб баҳолаб борилади.