ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Ўзбекистонда журналистларнинг касб ахлоқ кодекси ишлаб чиқилмоқда, деб хабар қилди "Жаҳон" АА.
Журналистлар касб тақозосига кўра барча соҳаларнинг ичига киради, маълумот олади, суриштирув ўтказади, ўз муносабатини билдиради, оммага тарқатади. Соҳалар ривожи, ислоҳотлар натижасини ёритиш билан бирга камчиликларни фош этади, айбдорларни танқид остига олади. Бу улардан улкан масъулиятни, юксак маънавиятни талаб этади.
ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида мазкур кодекс лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, ахборот агентликлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
— Кўплаб мамлакатларда журналистларнинг касб ахлоқ кодекслари ишлаб чиқилган, — деди ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат. — Албатта, ҳар бир кодекс ўзига хос хусусиятларга эга, лекин уларнинг асосий тамойиллари деярли бир хил: холислик ва ҳаққонийлик, бетарафлик, ҳалолликка амал қилиш, ахборотнинг ишончлилигини таъминлаш, ахборот манбаларининг махфийлигини сақлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шахс қадр-қимматини ҳурмат қилиш. Илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, ўзбек миллий журналистикаси учун ахлоқ кодексини яратиш соҳа ривожига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади.
Кодекс лойиҳаси журналистнинг касб мажбурияти, ижтимоий масъулияти, ҳалоллик ва бетарафлик, ахборотнинг ишончлилиги ва холислиги, ахборот манбалари ва уларнинг махфийлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шахс қадр-қимматини ҳурмат қилиш, ҳалол рақобат, журналистларнинг касб фаолиятини ҳимоялаш, журналист этикаси принциплари ва нормаларини бузганлик учун жавобгарликни ўз ичига олувчи тўққиз бўлимдан иборат.
— Касб ахлоқ кодекси журналистга нафақат мажбурият ва масъулият юклаши, балки унга эркинлик ва имконият ҳам бериши керак, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов. — Шу нуқтаи назардан лойиҳани янада такомиллаштириш, соҳа мутахассисларининг таклиф ва тавсияларини чуқур ўрганиш борасидаги ишлар давом этмоқда.
Давра суҳбатида соҳа вакиллари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашган. Лойиҳани такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилган.