ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Ўзбекистон ИИВ расмий сайтида Олмалиқ шаҳрида талончи қўлга олингани ҳақида хабар берилди.
"Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ички ишлар бўлимига 1970 йилда туғилган фуқаро мурожаат қилган ва 3 номаълум шахс Ойдин даҳаси ҳудудида ўғли — Академик лицейнинг 2-синф ўқувчисини куч ишлатиш йўли билан қўрқитиб, қўлидан iPhone ва Samsung мобил телефонларини тортиб олгани ва воқеа жойидан яширинганини маълум қилган", — дейилади хабарда.
Шаҳар Ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу талончиликни Олмалиқда яшовчи икки нафар — 1998 йилда туғилган ва бир нафар 1996 йилда туғилган шахслар содир этгани тўлиқ фош этилган ва улар қўлга олинган.
Вазирлик матбуот хизмати ахборот сўнгида ота-оналарга мурожаат қилган:
"Жиноят содир этганлар қонун олдида қилмишига яраша жавоб бериши аниқ, бироқ ота-оналар фарзандларига қиммат (бир эмас, иккита) телефон олиб бермаганида, балки жиноят содир бўлмасмиди… Ўғлининг ҳам халовати бузилмасди".