ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. 9-феврал куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммолар ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселекторда ёшлар ва аёллар жиноятчилиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Президент ички ишлар органлари қуйи бўғин бўлинмалари, милиция таянч пунктлари ва профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини ошириш, барча таълим муассасаларига профилактика инспекторларини бириктириб, улар кундалик иш фаолиятини таълим муассасаларидан бошлашни амалиётга татбиқ этиш масалалари бўйича тавсиялар берди.
Шунингдек, ёшлар содир этаётган жиноятларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг сабаби ва келиб чиқишига замин яратувчи шарт-шароитларни аниқлаш зарурлиги таъкидланди.
Мирзиёев профилактика инспекторлари малакасини ошириш бўйича тизим яратиш кераклигига алоҳида эътибор қаратди. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги академияси ва вилоятлардаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда махсус курслар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон раҳбари экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш масалалари юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
МажлисдаИИВ органларининг ҳар бир ходими билдирилган фикрлардан тегишли хулоса чиқариб, Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳар бир оила, ҳар бир инсон, маҳалла хавфсизлигини таъминлашдек мураккаб ва шарафли вазифани бажариш учун куч-ғайратини сафарбар этиши лозимлиги таъкидланди.