ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Тожикистон рус тили мақомини ошириш, тил муҳитини кенгайтириш ишларига қўл урди.
Спутник Тожикистон нашри хабарига кўра, мамлакат Таълим ва фан вазирлиги Тожикистондаги мактабларда жисмоний тарбия ва меҳнат дарслари рус тилида ўтилиши имконини кўриб чиқмоқда.
Тожикистон президенти қошидаги Таълим академияси вице-президенти Ирина Каримованинг сўзларига кўра, айни вақтда мамлакатда 400 нафар рус тили ўқитувчиси етишмаяпти, бундан ташқари рус тили нутқи камайиб кетиши муаммоси ҳам долзарб бўлиб турибди.
"Мамлакатдаги русийзабон аҳоли миграция қилиши оқибатида рус тилида сўзлашишга эҳтиёж ҳам йўқолди. Шундай ҳолат юзага келдики, рус синфларида таҳсил оладиган ўқувчилар ўз тенгдошлари билан тожик тилида сўзлаша бошладилар", — деди Каримова.
Бундан ташқари, Тожикистон ҳукумати тожик алифбосига "Ц" ҳарфини қайтариш имконини ўрганмоқда. Ҳозирда Тожикистон ФА Тил ва адабиёт институтида тегишли лойиҳа кўриб чиқилмоқда, деб ёзган нашр.