ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари ҳамда Марказий банк макроиқтисодий кўрсаткичлар, айниқса валюта бозори ҳолати бўйича мониторинг олиб боради, деб хабар бермоқда nuz.uz.
Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшод Абдуазизовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда миллий валюта ва ички бозордаги нархларнинг барқарорлиги халқни ўйлантирадиган муҳим масалалардан биридир.
Бундан буён Иқтисодиёт, Молия вазирликлари ва Марказий банк макроиқтисодий кўрсаткичлар, айниқса валюта бозори ҳолати бўйича мониторинг олиб боради. Зарурият туғилганда миллий валюта ва ички бозордаги нархлар барқарорлигини ошириш, макроиқтисодий мувозанатни сақлаб қолиш ва юқори суръатли иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қиладиган аналитик маълумотномалар тузилади.
"Шунингдек, инфляция даражаси натижасида товар ва хизматларга истеъмолчи нархларининг ўзгаришини кузатиш услубини такомиллаштириш ҳам кўзда тутилган. Товар ва хизматларни нақд пулсиз сотишда нархларнинг сунъий равишда оширилиши учун жавобгарликнинг кучайтирилиши ички бозорда нарх белгилашнинг бзор механизмларини жорий этиш имконини беради. Маҳсулот, меҳнат ва хизматлар учун нархларни декларациялаш амалиётини босқичма-босқич қисқартириб бориш ва 2020 йилга келиб ундан бутунлай воз кечиш режалаштирилган", — дея Абдуазизовнинг сўзларидан иқтибос келтирилган хабарда.
Бундан ташқари, унинг айтишича, иқтисодиётда давлатнинг иштирокини қисқартириш, хусусий мулкчиликнинг устуворлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кичик бизнес ва якка тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш давом этади.