ТОШКЕНТ, 11 фев — Sputnik. "Япония юраги" газетаси мазкур мамлакатда фаолият кўрсатадиган шу номдаги партиянинг расмий нашри ҳисобланади. Яқинда ушбу газета саҳифасида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва унинг истиқболларига бағишланган мақола босилиб чиқди, деб хабар қилган "Жаҳон" АА.
Унда Япония парламентида ўзбек-япон муносабатларига бағишлаб ўтказилган учрашув тафсилотлари атрофлича қаламга олинган.
"Жумладан, Кёко Накаяма ўз чиқишида 2016-йил 2-сентябрда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этганини афсус билан билан ёдга олди. Бу қайғули воқеани нафақат ўзбек халқи учун, балки бутун дунё учун катта йўқотиш, деб таърифлар экан, парламент депутати Ислом Каримов сиймосига ҳамда унинг давлат раҳбари сифатидаги хизматларига юқори баҳо берди. Кёко Накаяма Ўзбекистон Биринчи Президенти олиб борган сиёсатга ҳамоҳанг равишда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва унинг кўламларини кенгайтиришга даъват этди", деб ёзади нашр.
Ўз навбатида, Япония Бош вазири Шиндзо Абе 2015-йилнинг октябрида Тошкентга буюрган ташрифини илиқлик билан ёдга олар экан, Ўзбекистонда бўлган чоғида Президент Ислом Каримов унга самимий меҳмондўстлик кўрсатганини қайд этди.
Газета ҳукумат раҳбарининг "Мен бир пайтлари барпо этилишида японлар иштирок этган Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театри мамлакатда кўз қорачиғидек авайлаб асралишидан ғоят таъсирландим", деган сўзларини ҳам қаламга олган.
Мақолада Япониянинг Осиё минтақаси ташқи сиёсий стратегиясида Ўзбекистон муҳим ўрин тутиши Бош вазир томонидан алоҳида таъкидлангани ҳам газетхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
"Мамлакат минтақада тинчлик ва барқарорлик таъминланишида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлгани баробарида терроризмга ва хавфсизлик учун бошқа таҳдидларга қарши курашда жаҳон ҳамжамиятининг ишончли шериги сифатида ўзини намоён қилмоқда".
"Ўз нутқининг интиҳосида Бош вазир ўз ҳукумати бундан кейин ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятида эканлигини маълум қилди”, деб ёзади “Япония юраги” газетаси.