ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Япония Ташқи ишлар вазирига йўлланган мактуб матни Ўзбекистон ТИВ расмий сайтида эълон қилинган.
Қуйида мактубни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
"Япония Ташқи ишлар вазири Фумио Кисида Жаноби Олийларига
Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги билан чин дилдан табриклашга ижозат бергайсиз.
2015-йилнинг октябр ойида Япония Бош вазири жаноб Синдзо Абенинг Ўзбекистонга расмий ташрифининг муваффақиятли ўтиши Ўзбекистон-Япония муносабатларининг юқори даражада эканлигини яна бир бор кўрсатди ҳамда савдо-иқтисодий, молиявий-инвестицион, илмий-технологик ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни бундан буён ҳам ривожлантиришга янги суръат бахш этди.
Мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини модернизация қилишда, ишлаб чиқариш қувватларини шакллантиришда, энергетика, инфратузилма, телекоммуникация ва бошқа йўналишларни ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда Япония томонидан кўрсатилаётган ёрдамни юқори баҳолаймиз.
Маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар изчил ривожланмоқда ва мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон томони ҳамкорликни, айниқса таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдиради.
Бугун қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, Япония Ўзбекистоннинг синалган дўсти ва ишончли ҳамкорига айланди.
Жаноб Кисида, юксак эҳтиромимни ва Сизнинг масъулиятли фаолиятингизда энг самимий тилакларимни қабул этгайсиз.
Ҳурмат билан, Абдулазиз Камилов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири".