Президент Сурхондарёда аҳолининг даромадини кўпайтириш йўлини айтди

Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев етиштириладиган маҳсулотларнинг турини кенгайтириш, 5 минг гектарда анор, 5 минг гектарда лимон етиштиришни йўлга қўйиш кераклигини айтди

ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Термиз туманидаги "Gold Agro Fresh" агрофирмаси фаолияти билан танишди, деб хабар берди uz24.uz сайти.

"Gold Agro Fresh" агрофирмаси сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва уларни экспорт қилишга ихтисослашган истиқболли лойиҳалардан биридир. Қиймати 35 миллион АҚШ доллари бўлган корхонанинг замонавий иссиқхоналарида йилига 30 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 1000 иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев Сурхондарё вилоятига йўл олди

Ҳозирда 20 гектарлик 15 блокда помидор, гулкарам, брокколи, рукколо ва ялпизнинг харидоргир навлари ўстирилмоқда. Барча 70 блок ишга тушгач иссиқхоналар 100 гектардан ошади.

Бундан ташқари, 434 гектар ерда мавсумий экинлар экилиб, 23 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 2 100 кишини иш билан таъминлаш, келгусида 100 гектар ерда интенсив боғ яратиш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев бу ерда етиштириладиган маҳсулотларнинг турини кенгайтириш, 5 минг гектарда анор, 5 минг гектарда лимон етиштиришни йўлга қўйиш, одамларнинг даромадини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Мамлакат раҳбари шу ернинг ўзида мева-сабзавотчилик, паррандачилик, чорвачилик каби тармоқлардаги истиқболли лойиҳалар билан ҳам танишди.

Ангор туманида қурилаётган мева-сабзавотларни етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган "Angor Gold Fruits" масъулияти чекланган жамияти лойиҳасига мувофиқ 530 гектар интенсив боғ, уч минг тонна мева-сабзавотларни сақлаш имкониятига эга музхона қурилиши кўзда тутилмоқда.

Пахта териш - Sputnik Ўзбекистон
Сурхондарё вилоятида пахта далаларининг бешдан бир қисми қисқартирилади

Жарқўрғон туманида қурилиши режалаштирилаётган "Фабулло строй сервис" масъулияти чекланган жамияти ҳам мева-сабзавот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган.Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида 150 янги иш ўрни яратилади.

Замонавий иссиқхонада 600 тонна мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилади ва экспорт қилинади. Сиғими 2 минг тонна бўлган замонавий музлатгичда йил давомида 6 минг тонна маҳсулот айланади. Мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш ускунасининг қувватини йилига 8 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.

Ўзбекистон президенти бу борада ишлар самарадорлигини ошириш, мева-сабзавотларнинг ноанъанавий турларини кўпроқ экиш ва қайта ишлаш, экспортни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Янгиликлар лентаси
0