ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10 февраль куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди, деб хабар қилди "Жаҳон" АА.
Сурхондарё вилояти иқтисодий салоҳияти, табиий имкониятлари билан Ўзбекистон тараққиётида алоҳида аҳамиятга эга.
Мустақиллик йилларида ана шу салоҳият ва имкониятларни воҳа аҳли, бутун халқимиз манфаатлари йўлида ишлатиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.
Вилоят иқтисодиёти барқарор суръатлар билан ривожланмоқда. Бунинг тасдиғини 2016-йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 8 фоиз ўсгани мисолида кўриш мумкин.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Мазкур соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 75,3 %ни ташкил этмоқда.
Меҳнат билан банд аҳолининг 80 %дан зиёди мазкур соҳада иш юритмоқда.