ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Балиқчилар томонидан Таиланд қирғоқлари яқинида аниқланган улкан "ахлат ороли"нинг дайвер(денгиз тубига шўнғиш билан шуғулланувчи ҳаваскорлар)нинг энг севимли жойи бўлмиш Талу оролига етиб келишига 6 километрча масофа қолган, деб хабар қилди жума куни Таиланд ҳарбий-денгиз округи қўмондони вице-адмирал Сурасак Метхайпха.
Балиқчилар ва ҳарбийларга кўра ахлатнинг асосий қисмини елимдан ишланган пакетлар ва пластикдан ясалган бошқа рўзғор буюмлари ташкил этади.
Айни вақтда Таиланд Ҳарбий-денгиз кучлари денгиз полицияси ва ушбу соҳилга яқин провинциялар маъмурияти ходимлари билан ҳамкорликда сувдан ахлатни ажратиб олиш ва уни йўқ қилиш борасида операцияга тайёргарлик кўришмоқда.
"Ахлат ороли"нинг келиб чиқиш тарихи ҳозирча номаълумлигича қолмоқда, деб хабар қилган РИА Новости.