ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Бугун, 8 февраль куни соат 15:30 атрофида Тошкент шаҳрининг Жомий кўчасида жойлашган Қурилиш моллари бозорида катта ёнғин келиб чиқди, Qalampir.uz хабари асосида.
Маълумотларга қараганда, ёнғин бозорнинг биринчи растасидаги дўконлардан бирида келиб чиққан. Аланга олти дўконни қамраб олишга улгурган. Дўконларда бири тахта эшиклар, иккинчисида эса пластик эшик ва ромлар билан савдо қилиши айтилмоқда. Қолган 4 дўконда эса — турли маиший хўжалик моллари сотилган.
Воқеа жойига Ёнғин хавфсизлиги хизмати ҳамда тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келган. Ўт ўчириш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.
Тахминларга кўра, ёнғин дўконлардан биридаги электр тармоғи орқали чиққан.