ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Ўзбекистонда "Ёш сухандонлар" танлови эълон қилинди, деб хабар берган Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазириги матбуот-хизмати.
Танлов икки босқичда ташкил этилиб, унда нутқ маданиятини ўзлаштирган, бошловчи-сухандонлик қобилиятига эга бўлган 17 ёшдан 32 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этишлари мумкин.
Танловда иштирок этиш учун аризалар Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маданият ва спорт ишлари бошқармаларида 2017 йил 5 дан 18 февралга қадар қабул қилинади.
Ғолибларга "Дийдор" режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси давлат муассасаси ҳузурида ташкил этиладиган "Ўзбек сухандонлиги” курсида ўқиш, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ёки хусусий телерадиоканалларда тегишли фаолият юритиш учун тавсия берилади.